Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоятида икки юздан ортиқ тадбиркорлик субъекти ягона интерактив давлат хизмати портали орқали электрон усулда давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликлар иқтисодиётимиз изчил юксалиши, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Президентимизнинг 2013 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуруламал бўлаётир.
– Жорий йил бошидан тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказишнинг кенг жорий этилгани ишбилармонлар учун бир қатор қулайлик яратди, – дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳайдар Абдурасулов. – Бойсун туманида йигирмата, Сариосиё туманида ўндан ортиқ тадбиркорлик субъекти интерактив усулдан фойдаланиб, интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтди.
– Фаолиятимизни бошлашга рухсат олиш учун интернет тармоғидан фойдаландик, – дейди сариосиёлик якка тартибдаги тадбиркор Гулчеҳра Норқулова. – Бунинг учун зарур ҳужжатларни тайёрлаб, электрон нусхасини ҳокимликнинг тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциясига юбордик. Қисқа вақтда давлат рўйхатидан ўтганимиз ҳақидаги гувоҳноманинг электрон нусхасини олиб, иш бошладик. Замонавий бу усул тезкор ва қулайлиги билан бизга жуда манзур бўлди.
3567 marta ko`rilgan
Yuborilmoqda...